Добавить материал и получить бесплатное свидетельство о публикации в СМИ
Эл. №ФС77-60625 от 20.01.2015
Инфоурок / Другое / Другие методич. материалы / Открытый урок на тему : Она юрт куйчиси (Миртемир ижоди асосида)

Открытый урок на тему : Она юрт куйчиси (Миртемир ижоди асосида)



57 вебинаров для учителей на разные темы
ПЕРЕЙТИ к бесплатному просмотру
(заказ свидетельства о просмотре - только до 11 декабря)


  • Другое

Поделитесь материалом с коллегами:

11-синф Туркистон шаҳри, А. Яссавий номли умумий

Она юрт куйчиси ўрта мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани

(Миртемир ижоди асосида) ўқитувчиси Камила Абдукаримова.


Таълимий мақсади:

Ўқувчиларни ўзбек халқининг ардоқли шоири Миртемир ижоди билан таништириш орқали Она Ватаннинг муқаддас саждагоҳ эканлигини уқтириш.

Тарбиявий мақсади:

Она Ватаннинг беқиёс гўзаллиги тараннум этилган Миртемир шеърияти орқали ўқувчиларда Ватанга бўлган муҳаббатни орттириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

Ривожлантирувчи мақсади:

Ўзбек ва қозоқ халқлари орасида Миртемир шеъриятининг дўстлик кўприги эканлигини тушунтириш.

Дарснинг кўргазмали қуроллари:

1.Портретлар.

2.Миртемир ҳаёти ва ижодига оид букламалар.

3.Қўшимча материаллар.

4.Газета ва журнал материаллари.

5.Миртемир музейи макети.

Дарснинг жиҳози:

1.Доска, бор.

2.Диафильм.

3.Магнитафон.

4.Проектор.

Дарснинг тури:

Конференция

Дарснинг типи:

Умумлаштириш.

Боғлиқлилиги:

Ўтган тарихий воқеалар билан.

Дарснинг режаси:

1.Шоир туғилган тупроқ.

2.Миртемир Тошкентда.

3.Шоирнинг аянчли тақдири.

4.Миртемир ижод оғушида.

5.Миртемир достонлари.

6. Миртемир қўшиқлари.

7. Миртемир – моҳир таржимон.

8. Шоирнинг киприклари.

9.Элини ардоқлаган шоир.

Дарснинг бориши:

Ҳа, мен туркистонлик. Туркистонданман.

Олис боболарнинг олтин тупроғи.

Мунглик ва жафокаш бир жаҳонданман,

Жафокаш жаҳоннинг қадим аймоғи.

Ҳа, адабиёт оламида нозик феълли, ҳокисор, содда, самимий, оддий, саховатпеша, меҳр-оқибатли, ўктам, мағрур, қуйма ярқироқ, содда сўзли; майин ва чўнг хатти-ҳаракатли; қоядай қуйма шеърлар эгаси, бағри кенг, кўнгли кенг баркамол И Н С О Н дея замондош ва шогирдларининг ҳурмат-эътиборига эришган Миртемир бизнинг ҳамюртимиз, ҳамқишлоғимиз.

Бугунги дарс-конференциямизда Она юрт куйчиси – Миртемир ижод чама-нидан гулдаста тайёрлаймиз. Шоир ҳаёти ва ижодини мукаммал ўрганиш, асарлари орқали шоирнинг ички кечинмаларини чуқурроқ англаш мақсадида ўқувчиларни 6 марказга бўламиз.

1.Тарихчилар маркази.

2.Шеърият маркази.

3.Достончилар маркази.

4.Қўшиқ маркази.

5.Таржимонлар маркази.

6.Шогирдлар маркази.

Биринчи сўзни Миртемир юрган йўллардан юриб тарихий йиллар, тарихий воқеалар асосида маълумотлар тўплаган “Тарихчилар маркази”га берамиз. “Тарихчилар маркази” аъзолари ўзлари тўплаган материаллари билан конференция қатнашчиларини таништирадилар. Миртемир Турсунов кўҳна Туркистоннинг Қоратоғ этакларидаги Эски Иқон қишлоғида 1910 йили буғдой ўроғи вақтида дунёга келган. Кичкина Миртемир илк сабоқни она томондан бобоси маърифатли Исомиддин ҳожи мактабида олади. Бўлажак шоир кейинчалик таҳсилни қишлоқда очилган Асфандиёр исмли нўғай домла мактабида давом эттиради. Илмга чанқоқ Миртемир 11 ёшида Тошкентда ўқиётган амакисига эргашиб ўқишга, илм-маърифат даргоҳига келади. У 1921 йил Тошкентнинг Бешоғочдаги “Алмаий” номидаги меҳнат мактабига жойлашади. Икки йил бу мактабда ўқигач, 1924 йилда Тошкентнинг Янги шаҳар қисмидаги “Ўзбек эрлар билим юрти”да таълим олади. Миртемир-нинг биринчи шеъри 1926 йилда “Ер юзи” журналида нашр қилинади. 1928 йили биринчи китоби “Шуълалар қўйнида” босмадан чиқади.1929 йили билим юртини тугатгач Миртемир йўлланма билан Самарқанд шаҳрига келади. Самарқандда Педакадемияда ўқиш билан баробар Ўзбекистон Марказий ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевга шахсий котиб бўлиб ишлайди. Шоир ҳаётининг Самарқанд даври қизғин ижодий изланишлар даври бўлди.

1930 йилларнинг иккинчи ярмида шоир “Дилкушо”, “Сув қизи” “Ойсанамнинг тўйида” каби достонларини яратиб,ўзбек лирикасининг ривожланишига муҳим ҳисса қўшди.

1931 йил апрель-май ойларида Ҳалима Раҳимовага уйланади.

1932 йил 7 августда Миртемир туҳмат билан қамалади ва қамоқ муддатини узоқда – Шимолдаги Беломорканал қурилишида ўтайди.У инсонни хўрловчи шўро тузумининг, қонга ботган шахсга сиғиниш даврининг жафосини тортади. Миртемир 1935 йилда қамоқдан қайтиб келганида уйида уни кутиб олувчи ҳеч ким қолмаган эди. Онаси ва қизчаси оламдан ўтган, аёли эса бошқага турмушга чиқиб кетган эди.

1935 йили Ёрқиной Абдиқодир қизига уйланади. Шоир беш фарзанднинг отаси бўлади.

1940 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади.

1941-1945 йилларда яратилган “Вабо”, “Ўч”, “Бу – менинг Ватаним”, “Она шаҳар”, “Денгиз бўйида”, “Мард йигит ёринг бўлай”, “Пилла”, “Кўзларим йўлингда” каби шеърларида душманга нафрат ҳисларини ифодалаган.

1954 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб иш юритди.

1956 йили Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир,1965 йилда шу нашриётда катта муҳаррир бўлиб ишлайди.

Мана шу даврда шоирнинг қатор асарлари: “Давр қўшиғи”, “Ўч”, “Ватан учун”, “Қорақалпоқ дафтари”, “Танланган шеърлар”, “Танланган асарлар”, “Сурнай достони”, “Жилға бўйида”, “Шеърлар”, “Тингла ҳаёт”, “Излаганим”, “Тоғдай таянчим”, “Фарғона”, “Қўзи бахшининг айтганлари”, “Ёдгорлик” ва бошқа шеърий тўпламлари,достонлари ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади.

Миртемир Турсуновнинг қилган хизматлари муносиб тақдирланди: 1970 йили 26 мартда “Шавкатли меҳнати учун” медали ва “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланди.

1971 йили 17 июнда “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвонга, “Тошкент қурувчиси” нишонига мушарраф бўлди.Кўп ўтмай “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан мукофотланди.

Миртемир Турсунов 1978 йили 18 январда 68 ёшида вафот этди.

1979 йил 9 ноябрда “Бердақ” мукофоти берилди. “Тоғдай таянчим” , “Ёдгорлик” китоблари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. 1980 йил 28 ноябрда туғилган кунига 70 йил тўлиш нишонланди. “Миртемир” номли ҳужжатли фильм ишланди.

2002 йили мустақил Ўзбекистоннинг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

2010 йил ноябрда шоирнинг туғилган кунига 100 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларида катта анжуманлар ўтказилди

Шоирнинг Она қишлоғи – Эски Иқон қишлоғида Миртемир Турсуновнинг номини абадийлаштириш мақсадида Миртемир музейи ташкил этилган,қишлоқдаги маданият саройига Миртемир номи берилган, бир кўчага ҳам шоирнинг номи берилган.

Қуёшни, нурни, оламни, одамни, борлиқни севган Миртемир Ватан учун қилинган ҳар бир ишнинг тарихда қолажагини билган:


Шу боисдан кўкларга тенгмиз,

Ҳар кунимиз тарих саналур.

Қутлуғ эрур ҳар бир кунимиз,

Ҳар кунимиз байрам аталур.

Шоирнинг ўтмиши ҳақидаги Иқон қишлоғида ва Тошкентда олинган видео лавҳа кўрсатилади.

Навбатдаги сўзни “Шеърият маркази” аъзоларига берамиз. Биз шоир шеърларини ўрганиб чиқиш орқали нозиктаъб шоирнинг ички оламидан анча хабардор бўлдик. Илм-маърифат излаб Тошкентга отланган ёш Миртемирни кузатиш онларидаги изтиробларини “Мен кетганда...” шеърида шундай тасвирлайди:

Пичирлади:“Майли мулла бўлиб қайт,

Зора келса, мен ҳам жиндак яйрар пайт.

Болагинам, кўрмай санинг доғингни, Белбоғингга тумор тикдим, қўшиб байт”, -

дея уни йўлга кузатган она Миртемир қамоқдалиги пайтида 1933 йили 5 ноябрда оламдан ўтади. Бегуноҳ ҳолда қамалганига, хўрлик ва зўрликнинг минг хил турига чидаган шоирни мунис ва мушфиқ онасининг оғир кунларида дардига малҳам бўла олмагани ва онасининг ҳатто қабрини топа олмагани уни умр бўйи азоблайди. Бу фожиани юрагида узоқ вақт олиб юрган шоир 1960 йилда “Онагинам” деб номланган ўқувчининг юрагини эзадиган марсия-шеърини ёзди.Шоир бу шеърида қатағон йилларининг ўз умрига сира кетмайдиган аламли тамға босганлигини шундай тасвирлайди:

Сени жиндак хушвақт қилгани,

Сени жиндак хушбахт қилгани –

Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,

Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим –

Тоғдай зил.

Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда –

онагинам!

Онасини қўмсаб бўзлаган шоирнинг аламли армони сира сусаймас эди. У яна “Онагинам” номли шеър ёзди:

Она бағрин қўмсаб ўтди гўдаклик,

Тақдир олиб кетмиш эди йироққа.

Гоҳ ўксуклик ,гоҳи шўхлик, тентаклик,

Тағин бир ёз қайтиб келдим қишлоққа.

Шундан кейин шоирнинг мунис ва мушфиқ онасига бағишланган қатор шеърлари дунёга келди. Шоирнинг онасига бағишланган шеърлари билан Она юрт соғинчи қоришиб кетган сатрлари қоғозга тўкила бошлади:

Гўдаклигим тутди бугун

Қоратоғнинг этагида,

Ҳаққим бор-да, ахир, ҳаққим –

Тупроғида,чечагида,

Қўшиғида,навосида


Онам бедор айтган алла,

Сайроқ қушлар ғавғосида,- дея шоир “Гўдаклигим” шеърида

эркаланиб, қишлоғида ҳали кўп ҳаққи борлигини таъкидлайди.

Шоир “Она юрт” шеърида Ватан тупроғини зарга ўхшатади:

Тупроғинг зар,

Тошинг гавҳар,

деган ҳам бор.

Ягонасан,

Жононасан

деган ҳам бор...

...Келса қардош, келса қўноқ

ланғирт эшик.

Тирикликда диёримсан,

бол ва оқ сут.

Ўлсам агар мозоримсан,

эй, Она юрт!

Шоирнинг “Қишлоқда қиш” шеърида қишлоқ билан она тимсоли қўшилиб кетади:

Қишлоғим – онагинам

Кўз олдимдан кетмас ҳеч.

Миртемирнинг Она юртини , қишлоғини эсламаган дами бўлмади.Она қишлоғи унинг учун тенгги ,ўхшаши йўқ маскан эди.”Қишлоғим” шеърида қишлоғига бўлган муҳаббатини мисраларга тўкиб солади:

Қишлоғим, нечоғлик сулувсан бугун,

Яшилга бурканиб, яшнабсан шунча.

Нечоғлик тўкиссан, нечоғлик тўкин,

Мени ўраб олди хаёл, тушунча.

Миртемир – дўстлик куйчиси. У барча халқлар ўртасида дўстлик риштасини чамбарчас боғлаган шоир. Айниқса, қозоқ-ўзбек халқи ўртасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлаб, бу икки халқ ўртасида дўстлик кўприги бўлди. Қозоқ тилидан ўзбек тилига ҳисобсиз асарларни таржима қилди. Қозоқ халқини мадҳ этиб кўплаган шеърлар ёзди. Айниқса ,”Қозоғим” шеърида қозоқ халқига бўлган чексиз меҳрини шеърга солиб куйлади:

Қалиним, жигарим, кўзда қароғим,

Олатов бошида гавҳар чироғим,

Аждар кушандаси – олмос яроғим,

Жаҳонга бергусиз тўкин қазноғим.

Қардош қозоғим!

Шоир қозоқ халқини энг яқиним деб шундай эркалайди:

Дийдорингга тўйдим... Шаҳарим пешкаш.

Дилимда йўқ эди, ҳам қолмади ғаш,

Нечоғлик суюксан , нечоғлик дилкаш,

Оғажон ,тоғажон, эркажон ,эркаш,

Нонхонам , дурдонам, дўстим – иноғим ,

Қалби қайноғим –

Қардош қозоғим!

Дўстлик ҳақида шоирнинг ўзи бир суҳбатида шундай деган эди: ”Менга ҳалол одамнинг ҳаммаси туғишган. У оқин бўлса яна ҳам яхши.Менга рус ҳам,қозоқ ҳам, қорақалпоқ ҳам,туркман ҳам, қисқаси Ватандаги ҳамма халқлар бегона эмас”.

Шоирнинг ўз овози билан ўқиган шеърлари ёзилган видео лавҳа кўрсатилади.

Навбатдаги сўзни “Достончилар маркази” аъзоларига берамиз. ”Достончилар маркази” аъзолари шоир Миртемирнинг достонларини ўрганиб чиқдилар.Халқ оғзаки ижодини жуда яхши билган, руҳи фольклорга жуда яқин бўлган шоир турли мавзуларда 14 достон ёзди.

Шоир ўз шеърларининг ҳалқ орасига тез сингиб кетишининг сабабини шундай тушунтиради:”Ҳаммасининг сири кичиклигимдан ҳалқ қўшиқларини ёд олишимдан , умуман ,фольклор асарларини севиб ўқиганимдан.Фольклор бутун ижодим давомида менга ҳамроҳ, кўмакдош бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади”.

Шоирнинг барча достонларида миртемирона жаранг сезилиб туради.Миртемирнинг 1956 йилда ёзилган “Сурат” достони алоҳида ажралиб туради. Шоирнинг инсон қалбини нақадар теран билиши,руҳиятнинг энг инжа томонларини нозик илғаши бу асарда ўз аксини топган.Тошлоннинг суюклиси Ойсулувга бўлган ниҳоятда самимий муносабати,беғараз ва пок туйғунинг нафосати достон сатрлари қаърига сингиб кетган.Фронтда ўлимлар билан олишиб юрган Тошлон бир дақиқага бўлсин,ёрининг суратини ёнидан қўймайди.Афсуски,урушдан қайтганда у Ойсулувнинг бевафолиги устидан чиқади. “Сурат” достонини йўқотилган севги шаънига айтилган йўқлов - марсия дейиш мумкин.

На олтин,на жавоҳир эдим...

Армонли бир ёш шоир эдим.

Зуҳро бўлмасанг ҳам чиройда,

Мен ишқингда нақ Тоҳир эдим.

Тошлоннинг изтироблари,орзулари пучга чиққанлиги,унинг оҳу ноласи ҳар қандай китобхонни ўйга толдиради:

Сурат, сурат!Нега сен тилсиз?

Сени асраб тўрт йил қўйнимда...

Топинардим,ўпардим... эсиз!

Эвоҳ, қандай зил юк бўйнимда,

Сени асраб тўрт йил қўйнимда...

Бир пайтлар Ойсулувнинг суратига топинган Тошлоннинг кейинги ҳолати бунданда ёниқ сатрларда чизилади.Бир қалбда икки қарама-қарши туйғу:бир инсонни севиш, айни пайтда унинг гуноҳини кечира олмаслик,қалбини қиймалаётган афсус-надомат,нафрат талаши асарда шундай ифода этилади:

Эсиз,аёз тунлар,уйқусиз тунлар!..

Жанг ва бурч... Ёр ҳажри... Қатма-қат жафо.

Наҳот,мен сени деб бўлдим тутунлар?

Наҳот,шундоқ дилбар бебурд,бевафо?

Унда топталган ишонч,бой берилган садоқат туфайли покиза қалбли

одам руҳиятидаги туғёнлар самимий ифодасини топган.

Достонда инсон руҳий дунёсининг чексизлиги,фақат инсон инсонгагина бериши мумкин бўлган туйғуни ҳеч нима билан алмаштириб бўлмаслиги,эзгу ҳисларгина қалбни нурлантириши тиниқ сатрларда берилади. “Сурат” достони Миртемирнинг фақат лирик шеърларидагина эмас,лиро-эпик асарларда ҳам инсон руҳиятининг энг теран нуқталаригача маромига етказиб тасвирлай олишини кўрсатади.

Миртемир асарлари бугунги кун одамларига ҳам тушунарли ва кераклидир.Бу шеърларни ўқишли қилган омил уларда инсон туйғуларининг юксак бадиий маҳорат билан кўрсатиб берилганидадир.Чунки туйғу ҳеч қачон эскирмайди.Бир умр шеър ишқида яшаб,шеър ишқида ёнган шоир эскирмас,абадий қадриятларни шеърга айлантиришга эришган эди.

Навбатдаги сўзни “Қўшиқ маркази” аъзоларига берамиз. “Қўшиқ – шеър ва музиканинг бирлиги демакдир,” – уқтиради куй ва қўшиққа , табиат ва кенгликларга ошифта Миртемир “Қўшиқ ҳақида” мақоласида . – Бир жиҳатдан , музика қўшиқнинг қалби , иккинчи жиҳатдан , ҳарқалай , киши асосан қўшиқдан олиниши керак бўлган мазмун ва завқини шеърдан излайди. Шеър боши ва охири бўлган асардир, яъни тугал поэтик ижоддир”.

Қўшиқчиликнинг ривожида жон куйдирган шоирнинг яратган қўшиқлари 50 дан ошиб кетган. “Бир гўзал”, “Ўйнасин”, “Сулув чечаклар”, “Яли –яли” каби қўшиқлари шулар жумласидан. Тинглаганда кишига ором бағишлайдиган бу қўшиқларни дунёга келтириш учун шоирнинг қанча тонгларни бедор ўтказганлигини тасаввур қилиб кўринг.

Миртемир энг буюк санъаткорларнинг гўзал анъаналари изидан бориб, қўшиқчилик соҳасида ўз йўлини излаб топди. У, айниқса, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий анъаналарини ўзи учун муқаддас билди. Навоий ва Сарёмийдан Миртемир қофия, радиф олиб, уларни янги мазмун, янги руҳ билан бойитди. Натижада, “Яли-яли” деб аталган шўх ва нафис қўшиқ майдонга келди. Бу қўшиқ Миртемир она юрт табиатининг содиқ шайдоси, доно билимдони ва моҳир куйчиси эканлигини кўрсатди.

Қўшиқларда Миртемир сўздан гўё рассом бўёғи каби фойдаланиб, рангин табиат манзараларини гавдалантирар экан, уларни ҳар доим инсон қалби билан узвий боғлиқликда жонлантиради. Оқибатда биз қўшиқлар орқали инсон руҳининг ниҳоятда нозик ва кўз илғаши қийин бўлган қирралари, талпинишлари, интилишлари, яъни ҳиссиётнинг оқар дарёдек ҳаракати билан танишамиз. Бу дарёда муҳаббат туйғуси энг қудратли тўлқин сингари мавжланиб туради. Ҳа, Миртемир қўшиқларининг аксарияти муҳаббат ҳақида бўлиб, улар бу умрбоқий туйғунинг сон-саноқсиз жилваларию жилоларини, ҳайратомуз қудратию тенгсиз гўзаллигини заргарона тизилган сўзлар маржони воситасида юзага чиқаради.

Энг улуғвор ижтимоий- тарихий воқеалар, гениал шахслар ёки она халқ, Ватан ҳақида ёзганда ҳам, Миртемир доимо самимий бўлиб қолади, яъни у ўз қўшиқларида баландпарвоз ҳайқириқларга, тантанавор шиорларга, осмонўпар наъраларга деярли ўрин бермайди. У ўз қўшиқларида инсоннинг эзгу туйғуларини самимий куйлаш билан бир қаторда, кишилар изтиробидан маънавий оламнинг азобу аламларга тўлиқ онларидан, фожиалар гирдобидан, қайғу-ҳасратлар пўртанасидан ҳам кўз юммайди. Инсон қалби ёнишларининг, қаврилишларининг сирларини фақат Миртемир лирик қаҳрамонининг битта ўзи билади ва пинҳоний туйғуларини мана бундай аён қилади:

Қулоғимда янграр доим бир нидо,

Хўрсинаман, кўз ёшимни силаман.

Шу нидога не сабабдан жон фидо-

Битта ўзим биламан.


Юрагимда ёнар бир ўт бетутун.

Гўё дер: қовураман, тиламан.

Дош бераман нечун ҳануз мен беун-

Битта ўзим биламан.

Бу мисраларда лирик қаҳрамон ўз сирларини ошкор аён қилмаса-да, нозик кечинмалари оқимидан тингловчи улар ҳаётдаги иллатларнинг, хатоликларнинг, тубанликларнинг, разилликларнинг оқибати эканлигини англайди. Шу тариқа Миртемир ўз қўшиқлари орқали бизни турмушнинг мураккаб томонлари тўғрисида ўйлашга мажбур этади ва ҳаёт ҳақида бўялмаган, ялтиратилмаган, мукаммал тасаввур туғдиришга интилади.

Миртемир қўшиқларнинг санъатимиз хазинасидан ўрин олишининг яна бир сабаби шундаки, бу қўшиқларга Ғанижон Тошматов, Фахриддин Содиқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Имомжон Икромов, Мутал Бурҳонов сингари етук санъаткорлар куй басталадилар ва Фахриддин Умаров, Маҳбуба Ҳасанова, Коммуна Исмоилова, Ҳадя Юсупова каби хушовоз хонандалар ижро этдилар. Демак, заргарона сўз санъати, улкан бастакорлик истеъдоди ва юксак хонандалик маҳорати ўзаро бирлашиб, Миртемир қўшиқларига умрбоқийлик бахш этди.

Бу қўшиқлар умрбоқийлигини таъминлаган муҳим омиллардан яна бири уларнинг деярли барчасида гўзалликнинг тасдиқланиши ҳисобланади. Ҳаёт иллатларидан, мураккабликларидан кўз юммаган бўлса-да, шоир Миртемир қўшиқларининг аксариятида турмушнинг нурли томонларини улуғлади, инсон муҳаббатини тенгсиз гўзал туйғу сифатида мадҳ этди ва уларни ардоқлашга, ёд этишга чақирди. Бу қўшиқларнинг ёш авлод руҳида нафосат туйғусини тарбиялашдек муқаддас ишга хизмат қилиши шубҳасиздир, чунки гўзаллик оламни қутқарадиган, инсониятни юксакликларга кўтарадиган қудратли омил ҳисобланади.

Навбатдаги сўзни “Таржима маркази” га берамиз.

Миртемир қардош халқлар ва жаҳон адабиётидан ҳисобсиз асарларни таржима қилиб ўзбек халқига етказиб берди. “Миртемирнинг таржима асарларининг мисралари ” узунасига тизиб чиқилса, заминга шеърий белбоғ бўлади. Ўшанда бу белбоғ-халқлар дўстлигининг, халқлар маънавиятининг, халқлар маданий ва адабий ҳамкорлигининг камалакдек товланаётган алпона тимсоли бўлиб кўзни қувонтирар эди”, - деб ёзади шоирнинг шогирди Отаёр.

Сулаймон Рустам таржимон шоир ҳақида шундай дейди: “Миртемир таржимон шоир сифатида ҳам адабиёт учун шарафли ва муҳим хизмат қилган эди. Унинг бу фаолияти юксак тақдирланадиган ижодий меҳнатдир”.

Шоир ўзининг таржимонлик ҳақида берган суҳбатида шундай дейди: “Таржима қилиш учун ёки яхши таржимон бўлиш учун у ёки бу тилда тўтидай сайрай билишнинг ўзи мутлақо кифоя эмас. Таржимон таржима санъатига, қолаверса таржима қилинаётган асар ёзилган у ёки бу тилга ўта юксак, теран муҳаббат бўлиши иннанкейин виждон олдида, халқ олдида, келажак олдида жавобгарлик ҳиссини қадрлай билиши керак. Булардан ҳам энг аввал, таржимон ўз она тилининг барча имкониятлари, барча “сир-асрор”ларини мукаммал эгаллаган бўлиши шарт ва лозим ”

Бир суҳбатида: “Мен таржима билан кўп шуғулландим. Ҳозир ҳам шундай. Чунки ҳар бир таржима менинг учун бир мактаб, янги бир босқич, пиллапоя бўлганини сеза бордим”,-дея таъкидлаган шоир қозоқ халқининг доно мутафаккир оқини Абай шеърларини зўр ихлос билан таржима қилди:

Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,

Ўтган - кетган гапларни термак учун.

Мен ўланни ёзаман тушунганга,

Авлодимга бир сабоқ бермак учун.

Сўзимни тентак уқмас, зийрак уқар,

Кўнглининг кўзи очиқ сергак уқар.

Навбатдаги сўзни “Шогирдлар маркази” га берамиз.

Инсон кўз қорачиғининг қўриқчилари, киприклар ... Шоирга ҳар бир асари киприклари қадар азиз, киприклари қадар аҳамиятли ... Шунингдек, шиор ўз шогирдларини –ёш ижодкорларни ҳам киприкларим, деб атади. Уларни адабиёт киприклари деб тушунди. Улар ҳақида қайғурди, ишонч билдирди, билганларини ўргатишдан, йўл-йўриқ кўрсатишдан асло эринмади:

Киприкларим қўнғирмикан ё қора?

Киприкларим юзтамикин ёки минг?

Киприкларим мунча азиз ва сара,

Кўзгинамнинг киприклари ...

Эй, азиз киприкларим

Сергакликда тирикларнинг сиз-ку энг тириклари...

Кипригимдай азизларим,нечоғлиқ ҳам суюксиз.

Армонимдай буюксиз!

Миртемир ижодга, адабиётга бахшида бўлмаган, шогирдлари билан суҳбатда ўтмаган фурсатини бекор ўтган, йўқотилган вақт деб ҳисобларди.Шунинг учун ҳам шоирнинг атрофи доимо ёш ижодкорлар билан гавжум эди.

Устоз Миртемирни эслаб шоира Зулфия шундай дейди: “Миртемир шеъриятнинг қаттиққўл, талабчан, меҳри дарё боғбонларидан бири эди. Неча тоза ниҳолларни ўстирди. Қўлига қалам, умидини чироқ тутиб адабиёт майдонига кирган неча ниҳолларимизнинг ана шу ҳассос, сахий, танти устоз билан ифтихор қилишини биламан”.

Шоир ҳақида шогирдларининг миннатдорчилиги акс этган видео лавҳа кўрсатилади.

Ўз навбатида Миртемир шогирдларининг қўлларидан беозоргина етаклаб шеърият оламига олиб кирган устозларига бўлган чексиз, самимий миннатдорчиликларининг охирига етиб бўлмайди:

Қанча тоғлар қулади, қанча дарёлар оқди,

Шафқат билмаган дунё фақат дўмбира қоқди .

Билмади кимлар куйди, кимлар юрагин ёқди,

Буюк Миртемир кетди, айтинг, кимлар тутоқди.

Армон қилади энди оғуга тўлган ҳаёт,

Одамларнинг қалбида йиғлаётир улуғ зот.


Юрак куйчиси қани нафаси ўзбекона,

Қўлига қалам берган Биби Зайнабдек она .

Дилига чўғ ташлаган ҳам қилган ошиқона –

Қадим Иқон қишлоғи, Туркистону Фарғона,

Армон қилади энди оғуга тўлган ҳаёт,

Одамларнинг қалбида йиғлаётир улуғ зот ,-дея устозини улуғлаган шоир Тўлан Низом яна бир шеърида Она юртини, онасини севган шоир ҳақида жўшиб ёзади:

Юрагида кетди шоир армони,

Оналик меҳрига қонмаган” жони,

Уни шоир этган ўша иймони.

Шу боис сўзларин ўзга жилваси,

Бетакрор туйғулар хўп силсиласи,

Ошиқликдир Она юртга шеваси.

Ўзбек халқининг севимли шоири Абдулла Орипов устозининг хотирасига бағишлаган “Карвон” шеърида шундай дейди:

Сизга ташланмади, оҳ, не-не зотлар,

Улар ҳам мўминга ташланар эди.

Ташланмаса дили ғашланар эди,

Улар пучак жонлар, аҳли бедодлар.


Жиндеккина нозик феълингиз билан

Сокин бир қўнғироқ чалиб ўтдингиз.

Ёруғлик кунларни бедор кутдингиз,

Дардлашдингиз фақат элингиз билан.


Нечоғлик ҳокисор эдингиз, устоз,

Ялангтўш, меҳнаткаш, қалам деҳқони.

Қадим Туркистоннинг танти ўғлони,

Покиза эдингиз мисли оқ қоғоз.


Не-не ўлкаларнинг не даҳолари

Сиз боис ўзбекча сўйлаган эди.

Сизнинг лафзингизда куйлаган эди,

Қошғарийдан қолган тил садолари.


Шеърингиз учқуру ўзингиз карвон,

Манзилга шошилмай келар эдингиз.

Оҳ, устоз,ҳолбуки билар эдингиз-

Югурик даврондир асли бу даврон.

Устозининг изини излаб, тарихнинг зарварақларини варақлаган шоир Отаёр “Хотима” шеърида устозига бўлган ҳурматини шундай ёзади:

Эзгулик дарчасин чертмади бекор,

Сокин кечиб ўтди ўту сувидан.

Умри ўтди оддий, бетинч, камсухан,

Аянч ҳар даҳмаза – унинг учун ор...


Шундай: оддий бўлди, миқти ва девтарз

Куйлади ёндириб, ёниб бир овоз –

Дунёни ғубордан бўлсин деб халос,

Жаҳонга ногаҳон тушмасин деб дарз ...


Бу зилол уммондан қатра ичилмоқ

Беғараз кўнгиллар армони бўлди,

Чанқоқ йўлчиларнинг дармони бўлди,

Осонмас оддийлик зангини чалмоқ.


Олисларга етди овози, сози,

Халқининг кўнглидан айтди не деса.

Бир силтаб қайирди не довон келса,

Беминнат умридан эл-юрти рози.


Сокин ҳайқириқ у, сокин садо у,

Она тупроғини суйган энг суюк,

Ленин даҳосини билган энг буюк,

Мангу ватаним, деб куйган адо у.

Шогирдлар устоз вафотидан сўнг ўнлаб ёдномалар, достон ва шеърлар ёзиб, унинг порлоқ хотираси олдида бош эгиб, ҳурмат билдирдилар.


Мана биз бугунги дарсда Миртемир ҳаёти ва ижоди юзасидан 6 марказга бирлашган ўқувчиларнинг тайёрлаб келган маълумотлари билан танишиб чиқдик. Ўзларининг янги,тўлиқ маълумотлари билан дарсга иштирок этган ўқувчиларга ўз олқишимни айтаман.

Ўз халқини севган, қалбидан қайнаб тошган шеърлари билан элу юртнинг равнақи,тинчлиги,дўстлигини орттирган шоир сўнгги сатрида ҳам Она юртини мадҳ этишдан чарчамади:

Майли, шу жомни ҳам ичай паймона,

Кексалик гаштини сурай то бекам.

Шеърларимда жилва қилсин замона,

Юртим мадҳи бўлсин сўнгги сатрим ҳам.

Ҳамма вақт ўзини халқ олдида қарздор, бурчли деб билган шоир “Асо” шеърида шундай дейди:

Заҳматкаш халқим, қуллуқ!

Қуллуғим бор юз қатла,

Бурчим тоғча ўғлингман,

Ўтагум риёзат-ла...

Мен сенга суянгандим,

Мен сенга суянгайман,

Сендан сал нари бўлсам,

Ёнгайман-ўртангайман.

Шеъримда, жўмард халқим!

Юз қатла ардоқлагум,

Менга ишончингни ҳам

Биратўла оқлагум.

Ўзининг чин илҳоми билан, иймони билан қалбидан тўкилган шеърларига шундай дейди..

Сиз менинг қалқонимсиз. Таянчим, тоғ бардошим.

Сиз борсиз – чўчитолгай на дўзах ва на аёз.

Фақат, фақат халқимга эгилур мағрур бошим,

Халқимнинг ўзи бермиш соз ахир, бу жаранг соз...

Босиб ўтган йўлларига қайрилиб қараб халқига ҳисоб берган шоир шундай дейди:

Розиман, ризоман, ўла-ўлгунча

Халқим деб ўлдим,

Халқим нима бўлса, мен ўша бўлдим.

Юрагим, бўғилма, ўртанма бунча!


Ўзимга хиёнат қилдиму аксар,

Халқимга хиёнат ўйлаганим йўқ.

Менинг юрагимни тешиб ўтдилар.

Халқимга отилган талай-талай ўқ.

Қанча йўллар босдим, гоҳида толдим,

Лекин халқ номига юқтирмадим гард.

Фарёд солар чоқда жим бўла олдим,

Халқим дарди эди дил ўртаган дард.


Халқим этагида етдим вояга,

Халқ билан кулдим.

Бардошим сўз бермас, дейман, қояга...

Розиман, ўлгунча халқим деб ўлдим.

Она юртини, халқини севган, керак бўлса халқидан жонини аямаган шоирдан ўрганаримиз кўп. Шоирнинг ўзи учун шиор қилиб олган ҳикматли сўзларини биз ҳам ўз ҳаётимизга шиор қилиб оладиган бўлсак, албатта, мақсадимизга етамиз деб ўйлайман:

Қийналганингда – ишла,

Азоб чекканингда – ишла,

Қўлинг ишга бормаганда ҳам ишла.

Миртемирнинг Она қишлоғидаги музейдан видео лавҳа кўрсатилади.

Ҳа, азиз болажонлар, бугунги дарсда ҳамқишлоқ шоир бобомиз Миртемир ижодидан жиндаккина ўргандик ва олам-олам таассурот олдик. Кишиларга фақат эзгулик истаган, қўлидан келганича яхшилик қилган, бағри кенг, меҳрибон, ширинсухан, қўли ва қалби очиқ инсоннинг ижоди билан танишдик.

Энди биз ҳам босиб ўтган йўлимизга бир қарайлик ва ўз-ўзимизга ҳисоб берайлик. Биз халқимизга, элимизга, Она юртимизга нима яхшилик қилдик, қандай фойда келтирдик? Мана шу саволга уйда жавоб ёзиб келасизлар.




Фойдаланилган адабиётлар:


1.Миртемир 4 жилдлик асарлар. Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат

нашриёти. 1980й.

2.Отаёр. “Миртемир” эссе. Тошкент, “Ёш гвардия” нашриёти. 1986й.

3.Н.Каримов. “Миртемир” маърифий-биографик роман. Тошкент, 2012й.

4.Н.Каримов. “Тўрғай” Миртемир ҳақида. Тошкент, 2012й.









13




57 вебинаров для учителей на разные темы
ПЕРЕЙТИ к бесплатному просмотру
(заказ свидетельства о просмотре - только до 11 декабря)


Автор
Дата добавления 18.01.2016
Раздел Другое
Подраздел Другие методич. материалы
Просмотров137
Номер материала ДВ-351126
Получить свидетельство о публикации
Похожие материалы

Включите уведомления прямо сейчас и мы сразу сообщим Вам о важных новостях. Не волнуйтесь, мы будем отправлять только самое главное.
Специальное предложение
Вверх